Ободонлаштириш, қурилиш ишлари хусусий мулк дахлсизлигига путур етказмаслиги, одамларнинг эътирозларига сабаб бўлмаслиги керак, дейилади Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ЎзАда эълон қилинган мақоласида.

Унинг фикрича, кўчмас мулкларни давлат ва жамият эҳтиёжи учун, деган асос билан бузиш ишлари олиб борилишида ҳар доим ҳам қонунчилик талабларига риоя этилмаётганлиги бугунги куннинг энг оғриқли масалаларидан бирига айланди.

«Жамоатчилик бунинг олдини олиш борасида қанча ҳаракат қилмасин, бузиш ҳақида қарор қабул қилиш ёки уни тўхтатиш ваколати маҳаллий ҳокимлар ихтиёрида қолмоқда. Улар кўп ҳолларда қонун, фармон ва ҳукумат қароридаги талабларга эътибор бермай, олд- орқага қарамаган ҳолда бузиш ишларида жонбозлик кўрсатмоқдалар», — дейилади мақолада.

Депутат жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкларини фақат суд тартибида, суднинг якуний қарори асосидагина бузишга йўл қўйиш мумкинлигини қонунларда акс эттириш, ҳокимларнинг ушбу ваколатларини бекор қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтди. «Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмаган турли протокол ва баённомалар орқали фуқароларнинг кўчмас мулкларига дахл этиш масаласига ҳам қатъий тақиқ қўйиш зарур».

Тадбиркор ёки фуқаролар кўчмас мулкларини бузиш ёки тўхтатиш масаласида суд процесси мавжудлиги, қарордан қониқмаган ҳолларда апелляция, назорат тартибида шикоят келтириш каби бир қатор муддатларни талаб этадиган вақт ичида ўз даъволарини очиқ, жамоатчилик олдида, тегишли адвокатлар иштирокида ҳимоя қилишга имконият яратилади.

«Суд ва ҳокимлик ўртасидаги асосий фарқ ҳам шунда: айрим ҳолларда ҳокимликлар топшириқни ўз муддатида бажариш баҳонасида „снос“ масаласида одамларни эшитиб ҳам ўтирмаяпти, суд эса ўз муддатида ва тартибга риоя этган ҳолда эшитишга мажбур», — дейилади мақолада.

Депутат судлар журъатни йиғиб, ўзларини қўлга олишлари ва турли таъсирлардан ҳимояланишнинг коллектив ечимига келишлари зарурлигини қўшимча қилиб ўтди. «Уларнинг мустақиллиги, журъати ортиши ва „буюртма“ бажармай ишлашлари учун яна қандай кафолатлар зарурлигини очиқ билдиришлари керак».

«Айни пайтда „снос“ масаласини, қонуний, инсон ҳуқуқларини поймол этмаган ҳолда суднинг адолатли қарорисиз ҳал этишнинг бошқа эволюцион ва демократик йўли йўқ, назаримизда», — дея таъкидлади Расул Кушербаев.

Шу билан бирга, судларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги ва очиқлигини ошириш, барча очиқ суд жараёнларида оммавий ахборот воситалари ва фаолларнинг монеликсиз кузатиш имкониятини яратиб бериш ҳам муҳим масалалар қаторида турибди. Судлар жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари адолатни тиклаш, масалани ҳеч бир томонга оғишмай тенг шароитда ечим топишида кўмакчи эканлигини ҳис этишлари керак, деди у.