Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова Фейсбук ижтимоий тармоғида 1 август куни Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида юз берган воқеа ҳақида эълон қилинган хабардаги маълумотлар ҳақиқатга нечоғли мос келиши ва бу аёлларнинг ҳуқуқларини муҳофаза этиш, муаммоларига ҳудуддаги раҳбарлар билан биргаликда ечим излаш мақсадида 7 август куни Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб қайтди. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 5 август куни соат 11:08 даwww.asiaterra.info сайтининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 1 август куни Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида — Иван Савицкий номидаги музей рўпарасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тилеўбийке Ульдашева ҳамда Перизат Бегжанова бугунги тизимдан, Қорақалпоғистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятдан норози бўлиб келишилмаган намойишга чиққани ва бунинг ортидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан уларга ҳамда пикетни тасвирга олмоқчи бўлган бошқа фуқароларга нисбатан босим ишлатилгани ҳақида хабар жойлаштирилди.

Натижада қисқа вақт мобайнида ижтимоий тармоқда «В Нукусе на площади Свободы разогнали акцию протеста» сарлавҳали мазкур мақола қаҳрамонларига ачиниш ва уларни ёқловчи, мамлакат раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси шаънига доғ туширувчи 25 та изоҳ ва 125 та лайк ҳамда дизлайк қолдирилган. Ушбу хабар 200 га яқин интернет фойдаланувчиси томонидан улашилган.

Воқеани ўрганиш жараёнида шикоятчи Тилеўбийке Ульдашева ижтимоий-маиший муаммолари анчадан буён ҳал этилмаётганини айтиб, ёрдам сўради. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси иштирокида ҳудуд раҳбарлари билан ўтказилган суҳбатда унинг уй-жой масаласидаги шикояти юзасидан Нукус шаҳар ҳокими П. Турешевга аризачига жойлаштирилган уйида яшаши учун ордер бериш вазифаси топширилди. Т. Ульдашевани иш билан таъминлаш ва фарзандини мусиқа мактабига жойлаш масалалари бўйича эса Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Д. Ходжиевга уни тиббиёт бирлашмасига фаррош сифатида ишга қабул қилиш, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Нукус шаҳар кенгаши раиси в.в.б П. Қазакбаевга унинг фарзандини мусиқа мактабига жойлаштириш топшириғи берилди. Аризачининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи экани ва шу мақсадда ўзини бўш бино билан таъминлаш борасида ёрдам кўрсатишлари тўғрисидаги илтимосига ечим топиш вазифаси Нукус шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Абибуллаевага топширилди.

Фуқаролар Перизат Бегжанова ҳамда Гулпаршин Қошанова ўз муаммолари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳудудга келгунига қадар масъуллар томонидан ҳал этилганини билдириб, тегишли мутасаддиларга миннатдорлик изҳор қилдилар.

Шу куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова яна йигирма нафарга яқин аёлларнинг дардлари, арзлари ва шикоятларини эшитиб, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, кўмак бериш бўйича ҳамкорликда амалий ишларни олиб борди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур топшириқларнинг ижросини кузатиб боради.