Шаҳрисабзнинг ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган қисмида амалга ошириладиган қурилиш лойиҳалари ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси марказининг фақат ижобий хулосаси олингандан сўнг амалга оширилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «2019−2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топган.

Ҳужжат билан олти йўналиш бўйича 157 та инвестиция лойиҳасидан иборат рўйхат тасдиқланди. Улар орасидан 64 та лойиҳа хизмат кўрсатиш соҳасида бўлиб, қиймати 313,8 млрд сўмни ташкил этади. 304 млрд сўмлик 24 та лойиҳа эса саноат, 133,5 млрд сўмлик 28 та лойиҳа — муҳандислик-коммуникация йўналишида. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 867,6 млрд сўмни ташкил этади.

Июль ойи бошида Шаҳрисабз 2016 йилда ЮНЕСКО томонидан киритилган хавф остидаги Умумжаҳон мероси рўйхатида қолдирилди. Ўзбекистон икки йил муддатда шаҳарни қайта қуриш режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш мажбуриятини зиммасига олди.

Шаҳрисабзнинг тарихий қисми 2000 йилдан зиёдроқ тарихга эга бўлиб, 2000 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган эди. Шаҳар марказида меъморий ёдгорликлар ва қадимги мавзелар жойлашган бўлиб, улар XIV — XV асрлардаги Темур ва темурийлар бошқаруви даврига тааллуқли.