Тошкент ИИББ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати ходимларини ҳақорат қилган Cobalt ҳайдовчиси маъмурий жавобгарликка тортилди, дея хабар қилди пойтахт бошқармаси матбуот хизмати.

Ҳодиса 3 август куни 9:30 да Бектемир туманидаги Compass савдо мажмуаси яқинида ЙПХ ходимлари Cobalt ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидаларини бузганинини аниқлаган вақтида содир бўлди. Ҳуқуқбузар 34 ёшли Баҳромжон Р. бўлиб чиқди. У автомобилини (давлат рақами — 01 R 332 RА) транспорт воситасининг тўхташи ва тўхтаб туришини таъқиқловчи 3.27 йўл белгиси остида тўхтатган.

ЙПХ ходими қоидабузарликни расмийлаштираётган вақтда ҳайдовчи ҳужжатларни унинг қўлидан тортиб олиб, инспекторларни жанжаллашишга чорлайди, уларни уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилади, дейилади хабарда. Ҳодиса тасвирланган видео ижтимоий тармоқлар ва Telegram-каналларда тарқалди.

Бектемир туман маъмурий суди Баҳромжон Р.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-модда 1-қисми (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 183-моддаси (майда безорилик) бўйича айбдор деб топиб, унга нисбатан 15 кун муддатга маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.