Ярим йил давомида Суриянинг шимоли-шарқида МДҲга аъзо давлатларнинг 2000 нафарга яқин фуқаролари қўлга олинди. Йил бошидан буён уларнинг 524 нафари, қарийб барчаси аёллар ва болалар, Қозоғистонга, 156 нафари — Ўзбекистонга ва 84 нафари — Тожкистонга репатриация қилинди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг ИШИД томонидан халқаро дунё ва хавфсизлик учун яратилаётган хавфлар тўғрисидаги ҳисоботида сўз боради, дея хабар қилди БМТ Янгиликлар маркази.

Ҳисоботда қайд этилишича, марказий осиёлик жангарилар сони аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада қисқарган бўлса ҳам, уларнинг Сурияга, Афғонистонга етиб олишга уринишлари тўхтагани йўқ. 2012 йилда Ўзбекистон ва Тожикистондан 1500 жангари террористик гуруҳларга қўшилган бўлса, уларнинг 45 фоизи ҳамон тирик.

«Интернетда Марказий Осиё халқлари тилларида ташвиқот материалларининг тарқалиши можаролар содир бўлаётган ҳудудларга йўл олиш, пул йиғиш ва минтақа мамлакатларида яширин гуруҳчаларнинг ташкил этилишига хизмат қилмоқда. Минтақанинг [БМТга] аъзо давлатлари янги жангарилар ва террористлар тарафдорларининг пайдо бўлаётгани, ёлланган жангариларга ўз мамлакатларида қолишга буйруқ берилаётганидан хавотирда», — дейилади БМТ бош котиби ҳисоботида.

Жорий йилда минтақа мамлакатларининг махсус хизматлари томонидан ўтказилган қўшма операцияларда 26 нафар ИШИД аъзоси қўлга олинди, уларнинг айримлари ватанига қайтган террористлардир, дея хабар қилди Антониу Гутерриш.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида вужудга келган террористик хавфдан ҳамон хавотирда. У ердаги марказий осиёлик гуруҳлар афғон-тожик чегараси орқали гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланувчи уюшган жиноий тўдалар билан ҳамкорлик қилмоқда ва ушбу йўналишдан жангариларни Марказий Осиёга юборишда фойдаланмоқда, дейилади ҳисоботда.