Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат Ўзбекистон жамоаси Халқаро армия ўйинларининг Россиянинг Москва вилоятидаги «Алабино» дала-ўқув майдонида ўтказилаётган «Танк биталони» мусобақаларида қатнашмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Бешинчи халқаро армия ўйинларининг диққат марказида турган «Танк биатлони» мусобақаси борган сари қизғин тус олмоқда. Кеча, 6 август куни иккинчи экипаж аъзолари ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.

Мазкур босқичда ҳам Т-72 Б-3 танкини бошқариш, тўсиқлардан ўтиш, белгиланган нишонларни яксон қилиш ва имкон қадар қисқа муддатда финиш чизиғига етиб келиш вазифаси юклатилди. Бу гал Ўзбекистон шарафини катта лейтенант Муҳиддин Нуриддинов бошчилигидаги экипаж аъзолари ҳимоя қилди. Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар тарихда илк бор «Танк биатлони» мусобақасида иштирок этмоқда.

Бугунги баҳсда Ўзбекистон вакиллари олдинги жамоага нисбатан анча яхши натижа кўрсатди. Умумий ҳисобда экипаж механик ҳайдовчиси кичик сержант Авазбек Мустафоқулов Т-72 Б-3 танкини 73 км/соат тезлик билан ҳар бир тўсиқдан беталафот олиб ўтди.

Шундай қилиб катта лейтенант Муҳиддин Нуриддинов бошчилигидаги экипаж аввалги экипажга нисбатан 1.30 дақиқа тезроқ фарқ билан финиш чизиғига етиб келди. Ушбу беллашувда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида ҳамон биринчиликни қўлдан бой бергани йўқ.

— Мусобақада тезлик жамоа ғалабаси учун энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади ва бу тезликни назорат қилиш, тўсиқларга яқинлашган пайт ундан тўғри мақсадда фойдалана олиш ўта масъулиятли иш, — дейди экипаж механик ҳайдовчиси кичик сержант Авазбек Мустафоқулов. — «Танк биатлони» жамоавий мусобақа бўлгани боис унда жипслик, бирдамлик ва аҳиллик муҳим аҳамиятга эга. Мен ишонаман: мана шу нарсаларнинг барчаси бизнинг жамоамизда бор.

Эслатиб ўтамиз, «Танк биатлони» мусобақасининг иккинчи гуруҳида жами 11 та жамоа иштирок этмоқда. Ўзбекистон жамоаси иштирокидаги кейинги баҳслар 8 август куни бўлиб ўтади.