Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида Мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Жон Макгрегор билан учрашди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Тадбирда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, уни жадаллаштириш борасида фикрлар алмашинди. Учрашув давомида Қуролли Кучлари академияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўртасида тадбирлар режаси имзоланди. Элчи Жон Макгрегор даврага «Ассалому алайкум», дея кириб келди ва ўз нутқини ўзбек тилида ўқиди.

— Икки йилга мўлжалланган ушбу лойиҳа асосан ҳарбий таълимга йўналган, — деди элчи Жон Макгрегор. — Белгиланган муддат ичида ўзбекистонлик курсантлар хориж тажрибаси билан таништирилиб борилади. Жорий йилнинг октябрь ойида минтақавий хавфсизликка бағишланган йирик халқаро анжуман, декабрда эса киберхавфсизлик мавзусида тренинг машғулоти ўтказиш режалаштирилган.

Меҳмонлар, шунингдек, Қуролли Кучлари академияси фаолияти, музейи билан танишдилар.