Яқинда Олий судга қабулга келган фуқаролардан бири ўғли 2018 йил декабрь ойида савдо ташкилотидан шартнома асосида — пулини бир йил муддатга тўлаш шарти билан — қарзга телевизор сотиб олгани, аммо 2019 йил март ойида тўсатдан вафот этгани, телевизорнинг пули эса, қисман тўлангани юзасидан мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, бугунги кунда савдо ташкилоти ўғлининг қарзини тўлашни ундан талаб қилаётган, акс ҳолда, судга мурожаат қилишини айтган. Шу муносабат билан ота ўз ўғлининг қарзини тўлаши адолатсизлик эканини қайд этди.

Мурожаатчига қонун талаби бўйича ўғлининг қарзи мерос тариқасида унинг меросхўрларига ўтиши, ота ўғлининг вафотидан сўнг биринчи навбатдаги меросхўр ҳисобланиши, савдо ташкилотининг талаби тўғри эканлиги ҳақида тушунтириш берилди. Шундан сўнг фуқаро илгари бу ҳақда тушунчага эга бўлмагани ва тезда ўғлининг қарзини тўлашини айтди.

Бу ҳақда фикр юритар эканмиз, аввало, қарз муносабати бўйича аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш зарурати мавжуд, деган мулоҳаза кўнглимиздан кечди. Бунинг учун дастлаб қарз албатта, қайтарилиши шарт эканлиги ҳақидаги қонун нормаларига тўхталиш ўринлидир.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 735-моддасига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

Агар қарзни қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

Фоизсиз қарз суммаси қарз олувчи томонидан муддатидан олдин қайтарилиши мумкин.

Мазкур қонун талабидан кўринадики, қарз олувчи олган қарзини келишилган муддатда қайтариши шарт.

Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: хўш, қарзни қайтариш муддати келмасдан қарз олувчи вафот этса, қарзни ким қайтаради? Яъни бундай ҳолатда қарзни кимдан талаб қилиш мумкин?

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 1113-моддаси биринчи қисмига кўра, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.

Мазкур кодекснинг 1156-моддасида эса, мерос қолдирувчи қарздорнинг қарз берувчилари васиятномани ижро этувчига, яъни меросни бошқарувчига ёки меросхўрларга мерос қолдирувчининг мажбуриятларидан келиб чиқадиган ўз талабларини қўйишга ҳақли эканлиги кўрсатилган. Бундай ҳолатда меросхўрларнинг ҳар бири ўзига теккан мол-мулкнинг қиймати доирасида солидар қарздорлар сифатида жавобгар бўлади.

Демак, қарз олувчи вафот этганидан кейин қарзни қайтариш мажбурияти унинг қонун бўйича меросхўрлари, яъни ота-онаси, эри ёки хотини, фарзанд¬лари ва бошқа меросхўрларига ўтади. Бу қонун талабидир.

Айнан шу ҳол, яъни қарзни узмаслик муқаддас динимизда ҳам қаттиқ қораланади.

Шунинг учун кимдир тўсатдан қазо қилса, унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади.

Бунда унинг яқинларидан бири кафил бўлгандан кейингина жанозаси ўқилади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, қарз беришнинг савоби нечоғли кўп бўлса, уни ўз вақтида, энг муҳими, қарз берувчини норизо қилмасдан қайтаришнинг файзи ундан-да зиёда бўлади. Ахир, одам боласининг эл-юрт ичида юзи ёруғ бўлиши айнан шу каби ҳаётий жараёнларга боғлиқдир. Қолаверса, қарзни узган киши доимий ички хотиржамликка эришади.

Акмал Муродов,

Ўзбекистон Олий суди судьяси.