Давлат солиқ қўмитаси расмий сайтида Ўзбекистоннинг йирик солиқ тўловчилари рўйхати эълон қилинди.

Ушбу рўйхатдан республиканинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган 1416 та хўжалик субъекти жой олган. Рўйхат Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2019-йил 12-июлдаги 178-сонли буйруғи билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлигида 2019 йил 12 июлда 3172-сон билан рўйхатга олинган «Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчи сифатида таснифлаш мезонларини аниқлаш тўғрисида"ги Низомнинг 4-бандига мувофиқ, йирик солиқ тўловчилар тоифасига қуйидагилар киради:

а) акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар;

б) тижорат банклари ва уларнинг филиаллари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;

в) «Навоий КМК» ДК, «Олмалиқ КМК» AЖ ва уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;

г) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок етаётган ташкилотлар;

д) йил якуни бўйича маҳсулотларни (товарлар, ишлар ва хизматлар) сотишдан олинган соф тушуми 100 млрд сўмдан юқори бўлган юридик шахслар.

Йирик солиқ тўловчилар тоифасини аниқлашда, юқоридаги низомнинг 4-бандининг «д» кичик бандида кўрсатилган мезонлар ўтган календар йил якунлари бўйича юридик шахслар томонидан солиқ органларига тақдим етилган солиқ ва молиявий ҳисоботларининг кўрсаткичлари асосида белгиланади.