Яқин кунларда Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб жуда юқори ҳаво ҳарорати сақланиб қолади. Кундузги соатларда ҳарорат +40…+43 даража, жанубий ҳудудларда эса +44…+45 даражагача кўтарилади, дея хабар қилди Ўзгидромет «Газета.uz"га.

Ҳафта охирига бориб жазирама иссиқ бир оз тушади, ҳаво ҳарорати +33…+38 даражагача пасаяди.

«Жорий йилда энг иссиқ ҳарорат қайд этилди, кўплаб ҳудудлар, жумладан Тошкентда Ўзбекистондаги метеоролик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ июль бўлди. 11 июлдан бошлаб ҳаво ҳарорати ўртача меъёрдан 5−7 даража, айрим жойларда эса янада баландроқ бўлди, — дея қайд этди Ўзгидромет. — Жазирама иссиқнинг тушиши қисқа муддат давом этиб, катта фарқ сезилмади».

Кўплаб вилоятларда 10−17 кун давомида ҳавонинг энг юқори даражаси +40 даражани ташкил этган бўлса, жануб ва чўл ҳудудларида 20−25 кун давомида ҳарорат кўп йиллик ўртача даражадан юқори бўлди.