4 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эль-Пасо, Дейтон ва Чикаго шаҳарларида рўй берган фожеали воқеаларда кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жабрлангани муносабати билан АҚШ президенти Дональд Трампга самимий ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Дам олиш кунлари АҚШ ҳудудида учта оммавий отишма содир бўлди, дея хабар қилдиРИА Новости. 3 август куни Эль-Пасодаги (Техас) Walmart савдо марказига босқинчлик уюштирилди. Отишмани содир этган 21 ёшли Патрик Крузиос қўлга олинди. 20 киши ҳалок бўлди, 26 киши жароҳатланди.

4 августга ўтар кечаси Дейтондаги (Огайо) барлардан бири яқинида отишма бўлди. 9 киши, жумладан 24 ёшли қотил Коннор Беттс ўлди, 27 киши жароҳатланди. Ҳалок бўлганлар орасида унинг опаси ҳам бор эди.

Учинчи ҳолат ҳам 4 август куни кечқурун содир бўлди. Чикагода (Иллинойс) жиноятчи автомобилдан туриб истироҳат боғидаги одамларга ўқ узди, 7 киши жароҳатланди. Отишмани содир этганнинг қўлга олингани ҳақида хабар қилинмади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 5 августда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.