4 август куни соат 18:30 ларда Бухоро вилояти Жондор тумани «Луқмон» МФЙга қарашли чўл массиви ҳудудидан ўтувчи А-380 халқаро йўлининг 299 километрида йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, «Олмаота — Нукус» ҳалқаро автобус йўналишида ҳаракатланиб бораётган Қозоғистоннинг «Юг Транс Лайн» автокорхонасига тегишли бўлган VANHOOL русумли (давлат рақами KZ 545 АРV13) автобус бахтсиз ҳодисага учраган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобусдаги 1 нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган, 10 нафар йўловчилар турли даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Автобусда бўлган барча йўловчиларга биринчи тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Қолган йўловчилар, воқеа жойига қўшимча автобус ташкил қилиниб ўз манзилларига етказилган. Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан тергов-суруштирув ишлари олиб борилмоқда.