Ҳукуматнинг тегишли топшириғига кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ «Чорсу» меҳмонхона мажмуасидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида, мазкур объектни инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан такроран оммавий савдоларга чиқаришни кўзда тутган. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Аввал хабар қилинганидек, 2018 йил 9 мартдаги шартномага кўра, собиқ «Чорсу» меҳмонхона мажмуаси «Inter Tourism» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонага 2017 — 2019 йиллар мобайнида ҳукумат кафолатисиз 33,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш орқали 270 ўринга мўлжалланган 4 юлдузли меҳмонхона мажмуасини қуриш ва 350 та янги иш ўринини яратиш шарти билан сотилган эди.

Хорижий корхона томонидан олди-сотди шартномасида белгиланган мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмагани сабабли, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 2 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, томонлар ўртасидаги шартнома бекор қилинган.

Айни дамда Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳаси тайёрланиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.