1−3 август кунлари Республика миқёсида биринчи маротаба Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи раҳбарлигида Кучишлатар тузилмаларнинг ҳамкорликдаги амалий ўқув машғулотларини такомиллаштириш бўйича кўргазмали машғулот ўтказилди. Унда республиканинг барча вилоятларидаги Қуролли Кучлар куч тузилмалар раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Катта масштабдаги ўқув машғулотлар дастлаб, видеоселектор тарзида ўтказилди. Шундан сўнг, ҳар бир ҳарбий округ кесимида Куч тузилмаларнинг ҳамкорликдаги амалий машғулотларига старт берилди.

Марказий ҳарбий округининг Навоий, Самарқанд ҳамда Жиззах гарнизонларида «Зарба», «Тўлқин» ҳамда «Қалқон» операциялари ўтказилди.
«Зарба» операциясида ДХХ тезкор гуруҳи томонидан қуролли шахслар бошқарувидаги машина аниқланиб, Мудофаа, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия таркибидан тузилган йиғма махсус отряд ҳамкорлигида қўлга олинди.

Самарқанд шаҳридаги «Тўлқин» ва «Қалқон» операцияларига Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари полковник Қаҳрамон Ачилов бошчилик қилди. Учинчи кучлар «тарғиботи» асосида йиғилган намойишчилар қисқа фурсатда тарқатилди. Самарқанд шаҳри Ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди томонидан «Қалқон» операцияси муваффақиятли якунланди.

Шаҳар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, блокпостлар ўрнатилди. Шубҳали кўринган шахслар мукаммал текширилиши учун Вазиятларни ўрганиш марказига юборилди.
Тадбир сўнггида округ қўмондони полковник Айбек Саидов томонидан йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, келгусида ҳамкорликдаги ўқувларни янада такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.