Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов Урганчдаги «Ашхобод» маҳалласи аҳолиси билан учрашиб, халқдан узр сўради. Видеомурожаат XorazmNews-телеграм каналида эълон қилинди. Бундан аввалроқ эса Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимларининг ҳам бузилиш ишлари олиб борилаётган жойларда халқ билан учрашиб, аҳолидан расман узр сўрагани тасвирланган видеолар тарқалган эди.

«Барчамиз биламиз, „Ашхобод“ маҳалласи саноат зонасида жойлашган, ҳеч қандай инфратузилмаси йўқ, эски жойлар эди. Лекин биз тезроқ бу жойдан яхшироқ шароитли жойга кўчирамиз деб, ўйланмай босган қадамимиз натижасида „Ашхобод“ маҳалламизда яшовчи аҳолига нафақат моддий, хатта соғлиғига ҳам зарар келтирдик. Бугун сизларнинг олдингизда туриб сизлардан кечирим сўрамоқчиман. Бундай масалалар, бундай ишларнинг нимага олиб келишини кўриб, билиб, афсусланиб турибмиз», — деди вилоят ҳокими.

«Бу ишлар президентимизнинг бутун дунёга эшикларни очиб, иқтисодиётни ривожлантириш учун турли давлатлардан катта-катта инвесторларни жалб қилган ҳолда, шу жумладан Хоразм вилоятида ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар соясида буларнинг келиб чиқиши нафақат Хоразм халқимизга, балки президентимиз олиб бораётган сиёсатга ҳам қарши бўлиб турибди», — дея таъкидлади Фарҳод Эрманов.

«Мен минг афсусдаман, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатимда бугунги кунда олиб борилаётган сиёсатни сидқидилдан бажариш учун, қолаверса, олдимизга қўйилган вазифаларни тўғри, ҳамжиҳатлик билан, халқ билан ҳисоблашиб, ишни халқни рози қилишдан бошлашни маъқул кўрамиз», — деди у.

«Халқининг дахлсизлигини таъминлаш, унинг моддий неъматларини асраш вилоят ҳокимининг тўғридан-тўғри вазифаси ҳисобланади. Лекин бугунги кунда биз, менинг қўл остимдаги одамлар билан қилган ишларимиз бу талабга умуман жавоб бермайди. Мен яна бир марта „Ашхобод“ маҳалласи, бутун Хоразм халқидан кечирим сўрамоқчиманки, сабаби, бундай ишлар нафақат „Ашхобод“ маҳалласида, балки бошқа туманларда ҳам амалга ошмайди деб кафолат беришдан йироқман», — дея ўз сўзини давом эттирди ҳоким.

Вилоят ҳокими келтирган маълумотларга кўра, «Ашхобод» маҳалласида 19 гектарлик майдонда 394 та хонадон жойлашган эди. Улардан 78 хонадон эгаси тўлиқ ҳисоб-қилинганидан сўнг яшаш учун уйлари борлигини айтиб, бу ерда уй қурмаслигини билдирган. 150 та хонадонга эса намунали уй берилган. Қолган хонадонлар қишнинг совуқ кунларига қолмасдан уйларига кўчириб киритилади. Шундай қилиб, 394 та уй ўрнига 670 та уй берилгани маълум қилинди.

«Бундан кейин қилинадиган ишларни биринчи халқ билан, оқсоқоллар билан бамаслаҳат қиламан, деб ваъда бераман. Шу билан биргаликда, бу ишларга йўл қўйган саноатни ривожлантириш, қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари, шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари, шаҳар ҳокими, прокурорга ҳайфсан берилди. Шу каби ишларга йўл қўйган мутасаддиларга жуда қаттиқ курашамиз», — деди Фарҳод Эрманов.

Эслатиб ўтамиз, 2 август куни президент Шавкат Мирзиёев кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бутун республикада кўчмас мулкларнинг бузилишига бағишланган видеоселектор йиғилишида Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимларига бузиш ишлари хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун халқдан узр сўрашни топширган эди.