2019 йил 2 август куни Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Қарорга кўра:

суғурталовчиларнинг устав капитали минимал миқдорлари 2020−2022 йилларда босқичма-босқич оширилади;

даромадларнинг 20 фоизигача миқдоридаги ажратмалар ҳисобига шакллантириладиган суғурта ташкилоти захира жамғармасининг чекланган миқдори суғурта ташкилоти устав фондининг 50 фоизигача оширилади;

суғуртанинг айрим турлари бўйича электрон полисларни («Е-полис») расмийлаштириш механизми жорий этилади.

2020 йил 1 январдан:

юридик шахслар — суғурта брокерлари ва суғурта агентлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси комиссия мукофотининг 13 фоизи миқдорида белгиланади;

суғурта ташкилотининг бошқа суғурта ташкилотлари устав фондларида иштирок этишига йўл қўйилмайди;

суғурта захираларининг минимал даражаси белгиланади.

Жисмоний шахслар даромадларининг ҳаётни суғурталаш бўйича суғурта мукофотларини тўлаш учун йўналтириладиган қисми юзасидан солиқ имтиёзлари қуйидаги шартларда қўлланилади:
суғурта суммаси шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бир йўла тўланганда;

рента тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бошланганда;

рентани тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан 12 ой ўтмасдан бошланганда.

2020/2021 ўқув йилидан олий таълим муассасаларининг «Суғурта иши» таълим йўналиши бўйича сиртқи ва кечки бўлимларга тест синовлари ўтказилмасдан, белгиланган қабул квоталаридан ташқари пулли-контракт асосида қабул қилиш тартиби жорий этилади.

Шунингдек, қарор билан Молия вазирлиги ҳузурида Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди.