Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси (Жаслиқ колонияси) тугатилади.

Колониянинг бинолари, иншоотлари ва мавжуд мол-мулкларини Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлигининг Нукус шаҳрида жойлашган 2-сон Тергов хибсхонаси балансига ўтказилади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Жаслиқ колониясини тугатиш бўйича комиссия ташкил этилади ва ўрнатилган тартибда комплекс ташкилий-ҳуқуқий чораларни амалга оширилади.

Колонияда сақланаётган маҳкумлар суд томонидан белгиланган тартиб турига мувофиқ равишда ички ишлар органларининг бошқа жазони ижро этиш колонияларига ўтказилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, у «озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, шахс ва жамиятга ҳурмат муносабатини шакллантиришга йўнатирилган ахлоқан тузатиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлатимизнинг халқаро майдонда ижобий имиджини илгари суриш"га қаратилган.