Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси Avtotest Report компаниясининг юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари ҳайдовчилари малакасини ошириш хизматини кўрсатиш фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарорини устун мавқени суиистеъмол қилиш деб баҳолади.

Қўмита матбуот хизматининг 2 августда эълон қилган баёнотда келтирилишича, компанияга тузилган шартномаларни асоссиз равишда тўхтатишга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида хат юборилган. Бозорда устун мавқеа эга хўжалик субъектининг хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд бўлган ҳолатдаги бундай қарори «Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 10-моддаси (устун мавқени суиистеъмол қилиш) талабига зид ҳисобланади.

Айни вақтда Ўзбекистонда 500 дан зиёд ташкилот турли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишда шахсларга нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш учун лицензияга эга.

Бироқ фақатгина Avtotest Report юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини бошқарувчи шахслар (ҳайдовчилар) малакасини ошириш хизматларини кўрсатиш бўйича лицензияга эга.

3 августдан кучга кирувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгаришга кўра, малака ошириш курсидан ўтмаган юридик шахсга тегишли транспорт воситаси ҳайдовчиси энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортилади.

1 август куни эса Avtotest Report юридик шахслар автотранспорт воситалари ҳайдовчилари малакасини ошириш фаолиятини тўхтатишини маълум қилди. Бунга асоссиз танқидлар ҳамда ҳайдовчилар учун курслардан фойда олишда айбланаётганини сабаб қилиб кўрсатди.