2019 йил 31 июль куни Пиллачилик тармоғида чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга кўра:

2022 йил 1 августгача пиллачилик корхоналарига 8 турдаги маҳсулотларни АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари ва Туркияга экспорт қилишда ҳаво ва темир йўллари транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизгача миқдорини давлат бюджетидан компенсация қилиш учун субсидия берилади;

эндиликда «Ўзбекипаксаноат» корхоналари томонидан пилла етиштирувчи субъектларга етказиб берилган ипак қурти уруғи, пилла етиштириш учун зарур бошқа ресурслар ҳамда тут кўчатлари қиймати товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти деб ҳисобланмайди;

лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш, минерал ўғитлар ва бошқа материал ресурсларини етказиб бериш бўйича фермер хўжаликлари учун назарда тутилган шартлар ва тартиб пиллачилик корхоналарига ҳам татбиқ этилади;

2020 йил 1 январдан тут дарахтларини ғайриқонуний кесганлик, шикастлаганлик ёки йўқ қилганлик учун ундирилган жариманинг 50 фоизи ҳуқуқбузарлик содир бўлган ҳудудда янги тут кўчатлари экиш учун йўналтирилади;

товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумида экспорт улуши 15 фоиздан юқори бўлган юридик шахслар учун қонунчиликда белгиланган солиқ имтиёзлари 2021 йил 1 январга қадар хом ипак ва ипак момиғи маҳсулотларига ҳам татбиқ этилади;

пилла етиштириш, пилла етиштирувчиларга бўнак бериш каби ишларни молиялаштиришга 2019 — 2022 йилларда ажратиладиган банк кредитлари фоиз харажатлари учун Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация бериш тартиби ўрнатилади.

Шунингдек, тирик пилла етиштириш хизмати нархини 2020 йилдан камида 20 фоизга, 2021 йилдан яна камида 10 фоизга ошириш чораларини кўриш белгиланди.

Ипакчилик илмий-тадқиқот институти тасарруфида Фарғона, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида наслли ипак қурти уруғи етиштирувчи муассасалар ташкил этилди.

2022 йил 1 августга қадар «Ўзбекипаксаноат» корхоналарига:

ипак қурти уруғларини «божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш» божхона режимига жойлаштиришга рухсат берилди;

олиб чиқилиши натижасида тайёрланган пиллаларни республика ҳудудига олиб киришда божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этишга оид имтиёз берилди.