Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бухородаги бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилингани тўғрисидаги хабарлар бўйича текширув ишларини бошлади, дея хабар қилди Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати.

1 август куни Troll.uz блоги муаллифи Умид Гафуров маҳаллий ҳокимият бир ойдан буён бюджет ташкилотлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар ҳудудида 18 минг қабр жойлашган «Хазрати Имом» қабристонида ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этганини хабар қилган эди. Daryo.uz хабарига кўра, кенг миқёсли ишларга 1000 нафардан ортиқ киши жалб қилинган.

Фото: Troll.uz / Facebook.

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га ҳоким Ўктам Барноев ҳудудни кўздан кечираётганда «Хазрати Имом» қабристонининг аянчли аҳволда эканига эътибор қаратган. Маъмурият раҳбари қарори билан учта қурилиш компаниясига реконструкция бўйича ишларни ўтказиш учун маҳаллий бюджетдан 500 млн сўм ажратилган.

Ўтган йили Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг тўққизинчи анжуманида Бухоро Қоҳира (Миср) ва Бамако (Мали) билан бир қаторда 2020 йилда ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган эди. Шаҳар ҳар икки йилда бир марта бўладиган ислом давлатлари маданият вазирлари анжуманига мезбонлик қилиши лозим.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати реконструкция бўйича ишларида қанча одам иш олиб бораётгани ҳақидаги саволга жавоб бера олмади. «150 киши ишлаётган Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари жалб қилинган. Меҳнат вазирлигининг ёлланма ишчиларни жалб қилиши мумкин бўлган Бандлик жамғармаси бор. Фотосуратдаги аёллар, эҳтимол, ушбу фонддан. Масала ўрганилмоқда», — деди матбуот котиби Олим Жўраев.

Фото: Troll.uz / Facebook.

Матбуот хизмати раҳбари Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари махсус либосларда ишлаши кераклигини, бироқ либослар ҳаммада ҳам мавжуд эмаслигини тан олди. У бюджет ташкилотлари ходимларининг қабристонни ободонлаштиришга жалб этилганини рад этди, бироқ маҳалла қўмиталари фуқаролардан ҳудудни реконструкция қилишда қатнашишни сўраганини тан олди.

«Қабристонда одамларнинг ота-оналари, боболари, момолари, қариндошлари бор, шунинг учун илтимос қилинди, ўз улушини қўшиш сўралди. Бундан ташқари, бу жой муқаддас ҳисобланади», — деди ҳокимлик вакили.