30 июль куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида ОАВ ва ахборот хизматлари аҳволи бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Йиғилишда Президент Администрацияси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) раҳбари Комил Алламжонов республикадаги «снос"лар ҳақида фикр билдирди (агентлик ушбу хабарни тасдиқлади).

««Снос"лар — аслида ўта эҳтиёткорлик билан қилиниши керак бўлган ишлар эди. Президентимизнинг «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» каби бунёдкорлик лойиҳаларининг мақсади бузғунчилик эмас, балки бунёдкорлик. Расво аҳволни тузатиш. Одамларни хурсанд қилиш. Лекин Тошкент шаҳридаги, куни кеча Хоразм, Кашқадарё вилоятларидаги ‘снос"лар, инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши оқибатида матбуотни жунбушга келтирди. Натижада халқимизда тушкунлик, норозилик кайфияти кучайиб бормоқда ва, энг ачинарлиси, ушбу ҳолатлар бугунги ислоҳотларни обрўсизлантиришга сабаб бўлмокда. Ўз вақтида, зудлик билан кўрилмаган чоралар масалани баттар газак олдириб юборяпти», — деб ҳисоблайди у.

АОКА раҳбарининг сўзларига кўра, бекитиб юрадиган замонлар ўтди — интернет асрида ҳеч нарсани яшириб бўлмайди.

«Балки авваллари ҳам вилоятларда шундай ишлар бўлгандир, лекин интернет бўлмаган, ҳеч ким буни билмаган ва одамлар ўзининг ёғига қоврилиб юраверган. Ҳозир интернет асрида, агар 20 миллион телефон фойдаланувчиси бўлса, уларнинг ҳар бири блогер, уларнинг ҳар бири матбуот учун кўмакчи. Беркитиб юрадиган замонлар ўтди энди. Хоҳласак ҳам бундай бўлмайди. Энг чекка қишлоқдаги воқеалар ҳам тез тарқалади», — деди Комил Алламжонов.

Агентлик директори давлат органлари томонидан муносабат билдирилмагани боис одамлар ўз муаммоларини хориж матбуоти орқали ҳал қилишга ўрганаяпти.

«Муаммоларга ўз вақтида ҳокимлар, вазирлар реакция қилмаса, масала дарҳол матбуотга чиқиб кетяпти. Энг ачинарлиси, одамларимиз хорижий матбуот орқали муаммони ҳал қилишга ўрганяпти. Бу орқали бизга дўст бўлмаган матбуотни ўз қўлларимиз билан ривожланишига, уларга Ўзбекистонни обрўсизлантириш учун ажратилган маблағларини ортиғи билан оқлаб бераётганимизни тушунишимиз керак. Ўзимизда матбуот ривожланса, ўзимиз зудлик билан масалага жавоб берсак, чет эл оммавий ахборот воситасининг кераги ҳам бўлмайди», — деди у.

Комил Алламжонов ҳоким ва вазирларни бу борада жиддий ишлар қилинмаса, оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирди: «Агар бу йўналишда кандайдир жиддий регламент ишлаб чиқилмаса, бу кетишда оқибати ёмон бўлиши мумкин. Одамлар дардига зудлик билан матбуотда тушунтириш берилмас экан, матбуот билан мустаҳкам ишланмас экан, барча ҳаракатларимиз бир пул бўлиши, давлат идоралари обрўсига жиддий зарар етиши мумкин».

Бузиш ишлари сўнгги йилларда аҳоли ўртасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолди. Шошма-шошарлик билан қонунларни қўпол равишда бузган ҳолда (ўз вақтида огоҳлантирмасдан ёки муносиб товон пули тўламасдан) бузиш ишлари қарийб барча вилоятларда одат тусига кирди. «Газета.uz» Риштон, Янгийўл, Яккабоғ, Урганч ва бошқа жойлардаги шу каби ҳолатлар тўғрисида жуда кўп мақола ва хабарларни эълон қилди. Вазият эса тобора кескин тус олиб, Яккабоғда ҳоким ўринбосарининг ёқиб юборилиши, Урганчда автомобиль йўлининг тўсиб қўйилиши каби ҳолатлар ҳам содир бўлди. Шундан сўнг ушбу мавзуга президент ва бош вазир, шунингдек адлия вазири Русланбек Давлетов, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов ва бошқалар муносабат билдирди.