Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Андижон давлат университетининг архив мудири Г. М. фуқаро З.Н.дан унинг ўзини ҳамда танишлари Д.М. ва М.Ю.ни мазкур университетнинг «Тасвирий санъат» йўналиши бўйича сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига ҳар бири учун 4.000 АҚШ доллари талаб қилиб, жами 12.000 АҚШ долларини ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Г. М.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, юқоридаги каби турли ноқонуний йўллар билан ўқишга киритишга ваъда бериб, таъмагирлик қилаётган фуқаролар ёки мансабдор шахсларга дуч келсангиз, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг қисқа рақамли 10−07 ёки Департаментнинг 71−233−10−07 рақамли туну-кун ишловчи ишонч телефонларига мурожаат этишингизни сўраймиз, дейилади хабарда.