Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ЎзАга берган интервьюсида ҳудуддаги раҳбарлар йўл қўйган хатолар ҳамда уларнинг халқдан узилиб қолганини тан олди. Вилоят инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ бир қатор ҳодисалар (Касби туманида ИИБ бошлиғининг фермерларни кишанлаб, автобусга қамаб қўйгани, Яккабоғ туманида тадбиркорнинг дўконини бузишга ҳаракат қилган ҳоким ўринбосарини ёқиб юборгани ва бошқалар) ортидан Ўзбекистон ва хориж ОАВлари диққат марказига тушиб қолган эди.

«Биздан ҳам хатолик ўтди. Аввало, биз, раҳбарлар, ҳаммамиз калондимоғ бўлиб кетган эканмиз, халқдан узилиб, манман бўлиб кетган эканмиз. Бугун замон ўзгарди. Муҳтарам Президентимиз катта ислоҳотларни бошладилар, бугун халқнинг ичига кириб, ҳар бир оиланинг дардини тинглаб, унинг муаммосини ўзимнинг муаммом деб ишлашимиз керак. Афсуски, ҳамма раҳбар ҳам буни ҳали тўла англаб етгани йўқ. Яккабоғ тумани ҳокимининг ўринбосари ҳам ўзининг ваколатига кирмайдиган ишни қилган», — деди Зафар Рўзиев.

«Бунақа пайтда халқнинг олдига камида туман ҳокими келиб, бўладиган ишларни ўзи тушунтириши керак эди. Улар англата олмаса, вилоят ҳокими, мен келишим керак эди. Халқ туман ва вилоят ҳокимига ишонади, ўринбосарлар ё бошқа идора раҳбарларига эмас», — деди у.

«Тадбиркорнинг корхонаси бузилмайди, қайтанга у таъмирлаб, чиройли қилиб берилаяпти, тадбиркорлик иши давом этади, — деди вилоят ҳокими. — Аммо шуни айтишим лозим-ки, биз қонун устувор давлатда яшаймиз, қонун олдида ҳамма баробар, эҳтиросга берилиб, қонундан ташқари ҳатти-ҳаракатлар содир қилгани учун тадбиркор ҳам қонун олдида жавоб беради».

Туман ҳокими ўринбосари ҳаётига суъиқасд қилишда айбланаётган бино эгаси Баҳриддин Исомов суд-психиатрия экспертизасидан ўтиш учун Тошкентга юборилган. Ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев эса шифохонада даволанмоқда.