Бугунги кунда тадбиркор бўламан, биримни икки қиламан, деб ҳаракат қилаётган юртдошларимиз сафи тобора кенгайиб бораётгани ҳар бир кишини қувонтиради. Лекин баъзи бир тадбиркорлар енгил даромад топиш илинжида қинғир ишга қўл ураётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Толиб Тўраев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Янгийўл шаҳрида яшайди. У яхши ниятлар билан ҳовлисида иссиқхона қурди, бироқ зарур ҳужжатларни расмийлаштирмасдан табиий газ тармоғидан фойдаланди.

2018 йил 1 декабрь куни Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари Т. Тўраев хонадонига кириб, помидор кўчати парваришланаётган иссиқхонага ўтказилган газ тармоғини кўздан кечиришади. Унинг ҳужжатлари сўралганида, Т. Тўраев ҳеч қандай ҳужжат тақдим этолмайди.

Мажбурий ижро бюроси ходимлари 20,9 сотих иссиқхона икки дона қўлбола печда сув иситиш йўли билан иситилаётганига гувоҳ бўлишади. Яъни, Т. Тўраев газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланади.

«Тошкентгаз» ҳудудий филиали маълумотномасига кўра, Т. Тўраев ўзининг ҳуқуқбузарлиги оқибатида жами 49 миллион 507 минг 920 сўм миқдордаги моддий зарар етказган.

Натижада Мажбурий ижро бюроси ходимлари табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги сабабли истеъмолчини тармоқдан узиш тўғрисида далолатнома тузишади.

Воқеа жойини кўздан кечириш ҳақида баённома тузилади. Унга фотосуратлар, дастлабки тушунтириш хатлари, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолати юзасидан хулоса, етказилган зарарни ҳисоб-китоб қилиш ҳақида маълумотнома илова қилинади.

Текшириш жараёнида ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан Т. Тўраев табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳаракатларини тан олиб, далолатнома ва баённомаларни ўз имзоси билан тасдиқлаган. Шундан сўнг табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги ҳақидаги далолатнома асосида иссиқхона пайвандлаш йўли газ тармоғидан узилган.

Судда Т. Тўраев ўз айбига қисман иқрор бўлиб, ҳақиқатан ҳам, тирикчилик учун иссиқхона ташкил этганини тан олди. У 2018 йил август ойининг ўрталарида иссиқхонада помидор кўчатлари етиштирганини, уни асосан кўмир ва ўтин билан иситганини билдирди.

Унинг айтишича, ҳаво жуда совиб кетган пайтларда газдан фойдаланган. Помидор кўчатлари етилгунга қадар 10 тонна кўмир ёққан.

Т. Тўраевнинг иссиқхонасида 2018 йил 1 декабрь куни Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилоят бошқармаси ва Янгийўл туман бўлими ходимлари томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан текшириш ўтказилган.

Бу жараёнда тадбиркорнинг газ етказиб бериш бўйича газ таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан, умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига Янгийўл газ таъминоти участкасидан тегишли рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланган.

Аслида, Т. Тўраев умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғи қувурини дарвоза устунидан ошириб ўтказган ва тортилган газ қувурларига резина шланг улаган. Лекин табиий газ босими паст бўлганлиги учун ҳаво совуқ кунларида ҳам асосан кўмир ва ўтин ёққан.

Шунинг учун Т. Тўраев Мажбурий ижро бюроси ходимлари ва бошқа ходимлар томонидан унга нисбатан 49 миллион 507 минг 920 сўм сўмлик газ ишлатган деб нотўғри ҳисобланганини билдирган. Ушбу миқдорни қайта ҳисоб-китоб қилишни ва унга нисбатан имкон қадар енгиллик беришни сўраган.

Янгийўл туман ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мутахассисларининг 2018 йил 7 декабрдаги хулосасига кўра, Т. Тўраевнинг иссиқхонасидаги помидор кўчатлари 50−60 кун давомида парвариш қилинган. Тошкент вилояти ҳокимининг қарорига кўра, иситиш мавсуми 2018 йил 16 октябрдан бошланган.

Шу сабабли тадбиркор 2018 йил 16 октябрдан — 1 декабргача, яъни текширув куни билан жами 47 кун мобайнида газдан фойдаланиб, иссиқхонани иситган деган хулосага келинган.

Гувоҳ А. Райимқулов ўз кўрсатмасида туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси сифатида Мажбурий ижро бюроси Янгийўл туман бўлимининг хатига асосан ўрганиш учун иш ҳужжатларини кўриб чиққанини билдирди. Т. Тўраевнинг иссиқхонаси Тошкент вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Янгийўл туман филиали маълумотига асосан 20,9 сотихни ташкил қилади.

Иссиқхонада табиий шароитда иссиқликни бир маромда ушлаб туриш учун маҳаллий ўғитдан фойдаланиш ва тупроқ қатлами ҳароратини кўтариш эвазига ҳаво муҳитини бир маромда ушлаб туришга эришиш мумкин. Ҳисоб-китоблар ва Янгийўл метеостанцияси маълумотига асосланиб, август-сентябрь ойларида иссиқхонада газдан фойдаланмасдан иссиқлик ушлаб турилган бўлиши мумкинлигига эътибор қаратиш жоиз.

Октябрь-ноябрь ойларида энг паст ҳарорат +3,8 даражадан тушмаган. Бундай об-ҳавода қуёш нурлари ва тупроқ қатлами тагига ташланган маҳаллий ўғит чириндилари иссиқлигидан фойдаланиш эҳтимоли мавжуд.

А. Райимқулов помидор кўчатларининг вегетациявий ривожланганлик кўрсаткичларини инобатга олиб, уларнинг шу даражага етиши учун 50−60 кун мобайнида газ ёқилиши мумкинлигини билдирди. Иссиқхонада етиштирилган помидор кўчатларининг бўйи баландлиги, кўчатларнинг шохлаганлиги ва ҳосил элементлари сонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиб, суриштирув бўлимига тақдим этилган.

Шу тариқа суд судланувчи Т. Тўраевга жазо тури ва меъёрини тайинлашда жиноятнинг ўз хусусиятига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига кириши ва етказилган моддий зарар ўрни қопланмаганини инобатга олиб, айбланаётган модда санкцияси доирасида озодликни чеклаш жазоси тайинлашни лозим топди.

Шу билан бирга, Т. Тўраев томонидан етказилган моддий зарар «Тошкентгаз» ҳудудий филиали фойдасига ундириладиган бўлди.

Баҳром Тошпўлатов,

жиноят ишлари бўйича

Янгийўл тумани судининг раиси