Собиқ бош прокурор Отабек Муродовга қарши жиноят иши Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz» мухбирига хабар қилди.

Отабек Муродовнинг вазифасидан озод қилингани 20 июнь куни маълум бўлган эди. Бир кун сўнгра Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев собиқ бош прокурорнинг порахўрликда айбланаётгани, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

«Газета.uz» ахборот манбалари июль ойи ўрталарида Ўзбекистон ҳарбий судида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев иши бўйича ёпиқ суд мажлиси бошланганини маълум қилди. ДХХнинг собиқ раиси иши бўйича жами 10 нафардан ортиқ киши, жумладан ДХХ раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов ва Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов ҳам суд қилинмоқда.