Тошкент ҳокимлиги таъсис этган «Технопарк» МЧЖ газ ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқаради ва етказиб беради.

Мазкур қарор 16 июль куни бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтган лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи йиғилиш баённомасидан ўрин олди. Мазкур ҳужжатнинг ҳақиқийлиги «Газета.u""нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси томонидан тасдиқланди.

2022 йилгача газ ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини барча тоифадаги истеъмолчилар учун тўлиқ жорий этиш президентнинг 9 июлдаги қарорида кўзда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш «Ҳудудгазтаъминот» акционерлик жамиятига юклатилган.

Баённомада қайд этилишича, замонавий газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқаришни «Ўзэлтехсаноат» бирлашмаси корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларида ташкил этишга қарор қилинган. «Технопарк» маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи сифатида белгиланди.

Давлат хизматлари маркази очиқ маълумотларига кўра, «Технопарк» компанияси 10 июнда ташкил этилган. Фаолият тури — маиший электр ускуналарни ишлаб чиқариш. Устав фонди 400 млн сўм бўлган компаниянинг ягона таъсисчиси — Тошкент ҳокимлиги. Сарвар Аҳадов «Технопарк» раҳбари ҳисобланади. Корпоратив маълумотлар ягона порталига жойлаштирилган Techno Continental АЖ кузатув кенгашига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги маълумотга кўра, Аҳадов ишлаб чиқариш майдонларида Artel кондиционерларини ишлаб чиқарувчи Dream Production ҚКга раҳбарлик қилган.

Май ойи охирида президент Шавкат Мирзиеёв имзолаган қарорда «Ўзэлтехсаноат» корхоналари 2022 йилгача имтиёзларга эга бўлди, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эса электротехник ва маиший электр маҳсулотлари давлат харидларида 20 фоизгача нарх преференциясига эга бўлди. Ҳужжат қабул қилинганидан бир неча кун ўтиб «Ўзэлтехсаноат"га янги раҳбар тайинланди — Мирзиёд Юнусов. Тайинловга қадар у Artel Engineering and Management компаниясида сифат департаментига раҳбарлик қилган.

Баённомага кўра, биллинг тизимлари ва маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш тизимларини яратиш ахборот тизимлари ва технологик ечимлар ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган Fido Biznes компаниясига топширилди.

Ўзбекистон газ ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этишга 2015 йилда киришган эди. Ўшанда газ ҳисоби 2021 йилгача автоматлаштирилиши белгиланди. 2017 йил ноябрида Шавкат Мирзиёев электр энергияси ва газ ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни тезлаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатда энергия ва газ ҳисоблагичларини Франциянинг Sagemcom, Германиянинг Elster GmbH ва Tosheleсtroapparat компанияларидан сотиб олиш кўзда тутилган эди. Sagemcom компаниясини Коммунал хизматлар ягона биллинг тизимининг энергия ва газ қисмини ишлаб чиқишга ҳам жалб қилиш режалаштирилган эди.