Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Навбаҳор туман суди томонидан «Халқ банки"нинг Хатирчи филиали ходими С. Олимовга (исм-шарифи ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилиб, ҳукм ўқилди, дея хабар қилди жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси Аваз Ибодов.

С. Олимов «Халқ банки"нинг Хатирчи филиалининг пластик карточкалар тизимини ривожлантириш шўъбаси етакчи мутахассиси вазифасини бажариб келиб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзига тегишли логин ва пароль орқали ўзганинг компьютер тизимига давомли равишда рухсатсиз кирган. 2016 йил 18 сентябрдан 14 октябргача банк мижози бўлган 28 нафар фуқаронинг дуэт пластик карталарида узоқ муддатдан буён ҳаракатсиз қолдиқда турган жами 1 457 127 сўм 25 тийинлик пул маблағларини уларнинг номига бошқа пластик карта бириктириш йўли билан ўзлаштирган. 2016 йил 27 ноябридан 2018 йил 24 январь кунига қадар бўлган вақт оралиғида эса ўзига тегишли бўлган телефон рақамига уланган «СLICK» тўлов тизими орқали банк мижози бўлган 80 нафар фуқаронинг пластик карталарида узоқ муддатдан буён ҳаракатсиз қолдиқда турган жами 14 160 074 сўмлик пул маблағларини ўзининг ихтиёрида турган фуқароларнинг номига очилган янги пластик карталарига ўтказишиб олган.

Шунингдек, 2016 йил 30 сентябрдан 2018 йил 1 август кунигача банк мижози бўлган 53 нафар фуқаронинг пластик карталарида узоқ муддатдан буён ҳаракатсиз қолдиқда турган жами 11 809 800 сўмлик пул маблағларини ўзининг ихтиёрида турган фуқароларнинг номига очилган янги пластик карталарига ўтказиш орқали ўзлаштирган. С. Олимов жами 161 нафар шахснинг 27 427 100 сўм 25 тийин миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Суд томонидан «Халқ банки"нинг Хатирчи филиалининг ходими С. Олимов Ўзбекистон ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а», «г» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Фуқароларга етказган 27 427 100 сўм 25 тийин миқдордаги зарарларни тўлиқ қайтаргани эътиборга олиниб, унга ЖКнинг 45 ва 60-моддалари қўлланилди ва 3 йилга муддат мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазолари тайинланди.