Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини ноқонуний равишда бузишга бўлган хатти-ҳаракати ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон президенти Администрацияси томонидан ўтказилган ўрганиш хулосаларига кўра, туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев Хуррамович ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни тадбиркор Баҳриддин Исомов олдиндан огоҳлантирмасдан ва товон пулини тўламасдан кредит маблағлари ҳисобига қурилган икки қаватли дўкон ва цех биносини бузмончи бўлган ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб, ёқиб юборганэди. Ўзбекистон Бош прокуратураси тадбиркорга нисбатан шу куни туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда тегишли процессуал тартибда ушлангани ҳақида хабар берди.