Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Урганчдаги «Ашхобод» маҳалласида уйлари бузилган аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги ўртасидаги муаммони жойида ўрганиш учун Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Газета.uz"га ҳукуматдаги ахборот манбаси хабар қилди. Шанба куни бош вазир Ангренда ҳам бўлди.

Жума куни кечқурун 200 га яқин киши бузилган уйлари учун товон пули тўланмаганидан норози бўлиб Урганч-Хонқа йўлини тўсиб қўйган эди.

Ҳукумат раҳбари аҳоли муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш учун улар билан суҳбатлашди, деди ахборот манбаси. Бош вазирнинг вилоят раҳбарияти, вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан кўчмас мулкларнинг бузилиши борасида видеоселектор йиғилиши ҳам ўтказмоқда.

Шу билан бирга, Урганчдан келган хабарларга кўра, кўчирилган аҳлига ваъда қилинган товон пулларини тўлаш бошланган.