1 августдан Тошкент-Олма Ота-Тошкент йўналишида қатновчи «Тулпар — Тальго» тезюрар поездлари чипталарига қўшимча чегирмалар жорий этилади, дея хабар берди «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси матбуот хизмати.

«Ўзтемирйўлйўловчи» («Ўзбекистон темир йўллари») ҳамда «Йўловчи ташувлари» («Қазақстан темир жолы») раҳбарияти ўртасидаги музокараларда ушбу қарорга келинди.

«Қазақстан темир жолы» тарифлар нархига бир неча турдаги чегирмаларни жорий этмоқда:

  • поезд йўлга отланишидан 0−5 кун аввал сотиб олинган чипталар учун — 25 фоиз;
  • ўриндиқли вагонларга — 15 фоиз;
  • комиссион йиғимга — 53 фоиз.

Тез орада «Тулпар — Тальго» чипталари нархини янада арзонлаштириш бўйича масалани кўриб чиқиш режалаштирилмоқда, дейилади хабарда.

Июль ойи ўртасида блогер Давронбек Тожиалиев «Тулпар — Тальго» поездларига Тошкент ва Чимкентда сотиб олинган чипталар нархида сезиларли фарқ бор экани ҳақида ёзган эди. Ўзбекистондан Олма Отага олинган чипта энг камида 400 минг сўм туради. Блогер таксида Чимкентга қадар бориб, худди шу поездга 83 минг сўмга чипта сотиб олган. Якунда у такси харажатларини қўшганда 116,6 минг сўм сарфлаган.