АҚШ федерал ҳукумати қарийб 20 йиллик танаффусдан сўнг ўлим жазосини ижро этишга қарор қилди. 9 декабрдан бошлаб беш нафар маҳбус қатл қилинади. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар қилди.

Дэниэл Ли (Daniel Lewis Lee), Лезмонд Митчелл (Lezmond Mitchell), Уэсли Пурки (Wesley Ira Purkey), Альфред Буржуа (Alfred Bourgeois), Дастин Хонкин (Dustin Lee Honken) болалар ва кексаларни қийнаш, зўрлаш ва ўлдиришда айбланиб қамалган эди. Жазони ижро этиш учун пентобарбитал дори воситасидан фойдаланилади.

Беш маҳбусининг ҳар бири аппеляцион ва суддан кейинги ҳуқуқий ҳимоя усулларидан фойдаланиш имкониятларини қўллади ва ҳеч бири жазони ижро этишга тўсқинлик қила олмади, дейилади хабарда. Маҳкумлар Индиана штатидаги Терре-Хот қамоқхонасида қатл қилинади.

Федерал даражада узоқ йиллардан буён ўлим жазосини ижро этишда танаффус қилингани билан, штатлар даражасида олий жазо қўлланиб келинаётган эди. 2010 йилдан 14 та штатда пентобарбитал 200 та қатлда қўлланилди.