Токио олимпиадаси 2020 йилнинг 24 июлида старт олади. Кеча Япония пойтахтида ушбу сана юзасидан катта тадбир ўтказилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур тадбирда олимпиада ташкилотчилари бўлажак мусобақага кўрилаётган тайёргарлик, олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Фахрий меҳмонлар қаторида ташриф буюрган Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳам ташкилий қўмитанинг тайёргарлигига юқори баҳо берди.

Шунингдек, тадбир давомида Токио олимпиадаси медалларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Медаллар бир қарашда сайқалланиб нур таратаётган тошларни эслатади. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, уларининг дизайни спортда рақобатлашаётган, жўшиб ишлаётган одамларни, ифодалайди. Таралаётган нур эса бир-бирларининг қўлларини ушлаб турган бутун дунё одамлари ва уларда акс этган илиқ дўстликни англатади.

Медаллар диаметри: 85 мм.

Вазни: 556 грамм (олтин), 550 грамм (кумуш) ва 450 грамм (бронза)

Таркиби: олтин медаль соф олтиндан эмас. Уни тайёрлаш учун кумуш медалнинг устига 6 грамм олтин эритмаси қуйилади. Кумуш медали соф кумушдан, бронза эса мис ва рух моддаларининг қўшилмасидан, дизайнер Жуничи Каваниши томонидан тайёрланади.