Андижондаги «Маданият» маҳалласида 24 июль куни содир бўлган ёнғин ёнма-ён қилиб қурилган учта уйга тарқалди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Оловни ўчириш ишларида тўртта ўт ўчириш экипажи қатнашди. «Ўт ўчирувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин бартараф этилиб, одамларнинг жароҳат олиши ва вафот этишига йўл қўйилмади», — дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Ёнғин натижасида 4-уйнинг 50 кв. м майдондаги томи, шифти ва уйдаги мол-мулклар ёниб кетди, 2- ва 6- уйларнинг эса 15 кв. м майдондаги том ва шифтига зарар етди. Уйларнинг 250 кв. м майдондаги қурилиш конструкциялари оловдан қутқариб қолинди.

Бинолар ўртасида ёнғинга қарши девор ёки бўшлиқлар бўлмагани сабабли олов қисқа вақтда қўшни уйларга тарқалган, дейилади хабарда.

Дастлабки тахминларга кўра, ёнғинга болаларнинг олов билан ўйнашиши сабаб бўлган. Моддий зарар миқдори аниқлаштирилмоқда.