Божхона органлари томонидан сифати кафолатланмаган дори воситаларини Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилишини олди олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари билан ҳамкорликда Уйчи туманида тезкор тадбир ўтказишди.

Тадбирда, фуқаро У.М. бошқарувидаги «Ласетти» автомашинаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, автомашинанинг салони ҳамда юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган қиймати 412,8 миллион сўмлик 54 турдаги дори воситалари борлиги аниқланди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро М.Ё.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Текширув давомида хонадоннинг орқа томонидаги боғда қиймати 591,4 миллион сўмлик 93 турдаги дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.