Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ўзбекистон номидан майдонга тушган эркин курашчи (120 кг гача) Артур Таймазовни допингга қарши қоидаларни бузганликда айблаб 2012 йилги Олипия ўйинлари олтин медалидан маҳрум қилди.

Спортчи допинг намунасини такроран текширувдан ўтказиш вақтида тақиқланган дегидрохлорметилтестостерон (перорал туринабол) моддаси аниқланди.

ХОҚ Интизом комиссияси Артур Таймазов натижаларини бекор қилиб, унга Олимпиада-2012 медали, дипломи ва белгисини қайтариш мажбуриятини юклади.

Спортчининг ўзи ушбу айбловни тан олмади, у ХОҚ қарорини сиёсий мақсадларга қаратилган ва асоссиз деб атади. Курашчининг сўзларига кўра, Халқаро антидопинг агентлиги фаолиятини жиддий қабул қилиб бўлмайди. Чунки «ушбу ташкилот фаолияти, шунингдек унинг «экспертиза"ларига асосланилган қарорлари аллақачон ўз обрўсини йўқотган».

«ХОҚқа Токиодаги Олимпиада-2020 ғолибларини 10 йилдан кейин тақдирлаш, спортчиларга эса текширувдан 10 ўтмагунга қадар ўзини ғолиб деб ҳисобламасликларини тавсия қиламан», — деб ёзди Артур Таймазов Instagram саҳифасида.

Артур Таймазов Пекиндаги Олимпиада-2008 олтин медалидан ҳам маҳрум қилинган эди. Унинг допинг намунаси қайта текширувдан ўтказилганида, тақиқланган туринабол ва станозолол моддалари аниқланган.

Артур Таймазов (1979 й. т.) — Ўзбекистон термаси сафида майдонга чиққан осетин эркин курашчиси. Ўзбекистон номидан чиқиб, Лондондаги Олимпиада-2012, Афинадаги Олимпиада-2004 чемпиони, Сиднейдаги Олимпиада-2000 кумуш медали соҳиби бўлган. Ҳозирда Артур Таймазов Шимолий Осетия сайлов округидан Россия Давлат Думаси депутати сифатида фаолият кўрсатмоқда.