Мажбурий суғурта тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ҳужжат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, муҳокамалар 5 августга қадар давом этади.

Қонун лойиҳаси концепциясида қайд этилишича, соғлиқни сақлаш соҳасида сметали молиялаштириш тизими халқаро амалиётга мос келмайди, натижада ажратилган маблағлар самарасиз фойдаланилмоқда, соҳа сурункали равишда етарлича молиялаштирилаётгани йўқ.

Касалликлар профилактикаси ва уларни барвақт аниқлаш, патронаж ҳамда аҳолида соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш бўйича ишлар самарадорлигининг пастлиги, фуқароларда ўз саломатлигини сақлаш ва қўллаб-қувватлаш борасида масъулиятнинг йўқлиги республика тиббиёт марказларига ихтисослашган тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилувчи фуқаролар сонининг ортишига олиб келмоқда, дейилади концепцияда.

Лойиҳага кўра, турли ёрдам шакллари учун турлича тўлов усулларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Тиббий суғурта маблағларини бошқариш учун Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Унинг раҳбари президент томонидан тайинланади.

Ўзбекистонда 2021 йил январидан босқичма-босқич мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш ишлари бошланади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 декабрдаги фармонида кўзда тутилган.