Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида Гурбангули Бердимуҳамедов давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, кўп миллатли Ўзбекистон халқига равнақ ва фаровонлик тилади.

Давлат раҳбарлари қардош мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Икки томонлама муносабатлар, халқаро ва минтақавий сиёсатга доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев Туркманистон раҳбарига самимий табрик учун миннатдорлик билдириб, жорий йил август ойининг бошида «Аваза» миллий туризм зонасида бўлиб ўтадиган биринчи Каспий иқтисодий форумини ўтказишда муваффақият тилади.

Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида Владимир Путин давлат раҳбарини таваллуд куни билан чин дилдан муборакбод этиб, фаровонлик ва муваффақият тилади. Мулоқот чоғида давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларга доир ва халқаро аҳамияга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар ҳамда бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.

Бугун Ўзбекистон президентини телефон орқали мулоқотда Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон президентлари ҳам туғилган куни билан табриклади.