Иорданиянинг Амман шаҳрида таэквондо бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати якунига етди. Унда асосий таркиб билан иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалларини жамғаришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ўсмирлар олимпиадаси совриндори Улуғбек Рашитов (-55 кг) ҳамда Жасур Жайсунов (-68 кг) ўз вазн тоифаларида қитъамизда тенгсиз эканликларини исботлаган бўлса, Азизжон Ўктамов (-48 кг) финалда имкониятни бой бериб қўйди. Шунингдек, Абдулазиз Ҳамидуллаев (-63 кг), Марат Мавлонов (-78 кг), Феруза Содиқова (-63 кг) ҳамда Озода Собиржонова (-55 кг) шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишди.

Жами еттита медаль жамғарган Ўзбекистон терма жамоаси якунда умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни қўлга киритди. Яна бир эътиборли томони шундаки, бу Осиё чемпионати ўзбекистонлик йигитларнинг илк бор олтин медаль қўлга киритгани билан тарихда қолмоқда. Улуғбек Рашитов эса йигитлар ўртасида мусобақанинг энг яхши спортчиси деб топилди.

Ғолиб ва совриндорлари билан танишинг:

Олтин:

Улуғбек Рашитов (-55 кг)

Жасур Жайсунов (-68 кг)

Кумуш:

Азизжон Ўктамов (-48 кг)

Бронза:

Абдулазиз Ҳамидуллаев (-63 кг)

Марат Мавлонов (-78 кг)

Феруза Содиқова (-63 кг)

Озода Собиржонова (-55 кг).