Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳи 18−19 июль кунлари Самарқанд Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида хизмат текшируви ўтказди. Текширув Daryo.uz нашри 17 июль куни марказнинг меҳнат инспекторлари ҳар куни Садриддин Айний кўчасида бетон қуйишга мажбурланаётгани ҳақидаги мақолани эълон қилганидан сўнг ўтказилди. Ишларнинг бажарилишини марказ директорининг шахсан ўзи назорат қилиб борган.

«Бизлар меҳнат ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз керак. Аммо бугун ўзимиз мажбурий меҳнатга жалб қилинганмиз. Раҳбар ҳокимиятнинг буйруғини бажаряпмиз, дейишдан нарига ўтмайди», — дейилади инспекторлар мурожаатида.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, Daryo.uz мақоласида келтирилган маълумотлар қисман ўз тасдиғини топган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори талабларига риоя этилмаган.

Текширув натижалари 20 июль куни Самарқанд Бандликка кўмаклашиш марказида муҳокама қилинган. Йиғилишда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, вазир ўринбосарлари, ишчи гуруҳи аъзолари, Самарқанд вилоят Бандлик бош бошқармаси ходимлари ва бошқалар иштирок этди.

Текширув якунлари бўйича Самарқанд вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғига ҳайфсан эълон қилинди. Вилоят Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи, унинг ўринбосари ва ҳақ тўланадиган жамоат ишлари масалалари бўйича филиал мудири ишдан бўшатилди.

Аввалроқ Наманган вилояти Косонсой туман ҳокими ўринбосари Мубилло Исомиддинов 80 нафар мактаб ишчисини йўл ёқасида бетон қуйишга мажбурлагани учун энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жаримага тортилган, туман халқ таълими бўлими раҳбари эса ишдан бўшатилган эди.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Меҳнат вазирлиги ҳозирда Наманган вилояти Чуст туманидаги 9- мактаб ўқитувчиларининг «ихтиёрий» равишда қурилиш ишларига жалб қилингани ҳақидаги хабарларни ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Меҳнат вазирлиги 2018 йилда мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун жарима миқдорини биринчи мартасида ЭКИҲнинг 25−50, такрор содир этилганида эса 59−100 барваригача оширишни таклиф қилган эди.