Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тадбиркорларнинг бино-иншоотларини бузиш ва бунинг учун компенсация тўлаш борасида тизимли ёндашув йўқлигини танқид қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Албатта, жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари давомида айрим биноларнинг бузилиши табиий ҳол. Бироқ, аҳоли пунктларини истиқболда ривожлантириш режаларини ҳисобга олмасдан, катта ҳудудларда жойлашган иншоотлар бузиб юборилаётгани оқибатида жуда кўп миқдорда компенсация тўловлари келиб чиқмоқда. Ҳокимликлар бузиладиган биноларнинг ўрнида янги корхоналарни қуриш бўйича инвесторларни топиб, компенсация тўловини уларнинг ҳисобидан тўланишини таъминламаётгани сабабли ушбу харажатлар давлат бюджети зиммасига тушмоқда.

«Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман — асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт», — деди давлат раҳбари.

Адлия ва молия вазирликлари, Савдо-саноат палатасига Бизнес-омбудсман иштирокида мол-мулкни бузиш ва компенсация тўлаш тартибларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф киритиш вазифаси қўйилди.

Аввалроқ Адлия вазирлиги кўчмас мулк ҳуқуқига риоя қилиш соҳасида қандай қонунбузарликларга йўл қўйилаётганини маълум қилган эди. Республика бўйича бузиш ишларини амалга оширишда 600 млрд сўмдан ортиқ компенсациялар тўланган, 300 млрд сўмга яқин қарздорлик мавжуд.

20 июль куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида кредит асосида қурилган икки қаватли бино эгаси бўлган тадбиркор товон пулисиз ўз мулкини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосари устига ўт қўйган эди.