Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15 июлда узлуксиз профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш масаласига бағишлаб ўтказилган мажлисда берган топшириғига кўра, республикада мавжуд 1469 та касб-ҳунар коллежининг 383 та биноси (рўйхат) мактабларга берилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Натижада 2019−2020 ўқув йилида мактаб ўқувчилари учун қўшимча 224 мингдан ортиқ ўқувчи ўринлари яратилади.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида 19 тадан, Сурхондарё ва Фарғонада — 45 тадан, Жиззах ва Наманганда — 26 тадан, Бухорода — 20 та, Андижонда — 34 та, Қашқадарёда — 46 та, Навоийда — 13 та, Самарқандда — 54 та, Сирдарёда — 9 та, Хоразмда — 23 та коллеж қайта ташкил этилади.

10 августга қадар халқ таълими тизимига ўтказилган касб-ҳунар коллежлари биноларидан самарали фойдаланиш, навбатлилик коэффициенти 2 ва ундан юқори бўлган мактабларга қўшимча бино сифатида бериш ҳамда эҳтиёж мавжуд бўлган ҳудудларда янги мактаблар сифатида қайта ташкил этиш чоралари кўрилади.

Халқ таълими тизими тасарруфига ўтказилган таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш вазифалари юкланган.

Халқ таълими вазирлиги бино ва иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш, ўқувчиларни янги мактаблар ва ўқув биноларига ўтказиш жараёнида умумтаълим мактабларининг Кузатув кенгашлари ва жамоатчиликнинг фаол иштирок этишига ишонч билдирди.