Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 июлдаги қарори билан Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Астрахань давлат техника университетининг филиали очилади ва биринчи талабаларини 2020/2021 ўқув йилида қабул қилади. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш учун мазкур Россия ОТМнинг филиалини ташкил этиш президентнинг 2018 йил 6 апрелдаги қарорида назарда тутилган.

Қабул қилинган ҳужжатда уни ташкил этишнинг асосий чора-тадбирлари тасдиқланган. Филиал Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уйда жойлашган Тошкент давлат аграр университетининг (кейинги ўринларда — ТДАУ) зоотехния факультети биносида жойлаштирилади.

Филиалда қуйидаги бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) фаолият кўрсатади:

«Сув биоресурслари ва аквакультура»;

«Экология ва табиатдан фойдаланиш»;

«Балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш технологияси»

«Балиқчилик хўжалиги иқтисодиёти».

Талабаларни ўқишга қабул қилиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланади. 2019/2020 ўқув йилида эса ТДАУ Россия ОТМ билан ҳамкорликда «Сув биоресурслари ва аквакультура» бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги шаклда қўшма таълим дастури асосида тўлов-контракт асосида рус гуруҳида кадрлар тайёрлашни давом эттиради. Ушбу йўналиш битирувчилари икки томонлама тан олинадиган диплом оладилар.

Бир ой муддатда филиал таъсис ҳужжатлари ишлаб чиқилади ва рўйхатдан ўтказилади, 2020 йил 1 августга қадар эса малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан танлов асосида тўлдирилади.

Филиал битирувчиларига Астрахань давлат техника университетининг Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган дипломлари берилади.