Ижтимоий тармоқларда тарқалган клиник ўлим ҳолатидаги бола оталаринголог-шифокор томонидан қутқариб қолингани тасвирланган видеолавҳа қаҳрамони 41 ёшли шифокор Сергей Владимирович Тобиас «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди, дея хабар қилди ССВ матбуот хизмати. Ушбу мукофот соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов томонидан тоширилди.

Вазир шифокорга мукофотни топширар экан, халқ саломатлигини асрашда тиббиёт ходимларининг ўрни ниҳоятда муҳимлигини эътироф этган ҳолда, бунда тажрибали ҳамда ўз вазифасига маъсулиятли соҳа фидойиларининг хизмати катта эканини таъкидлади.

Ўз навбатида Сергей Тобиас сўнгги йилларда тиббиёт ривожига, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани сабабли соҳа янада ривожланиб, аҳолининг сифатли ва самарали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти кенгайиб бораётганини қайд этиб, бундан буён ҳам бор билим ва тажрибасини инсонлар саломатлигини асраш йўлида сафарбар этишини таъкидлаб ўтди, дейилади хабарда.


Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган, пойтахтдаги хусусий шифохоналардан бирида фаолият юритиб келаётган Сергей Тобиас гарчи реаниматолог бўлмаса ҳам касб маҳоратини намойиш этиб, клиник ўлим ҳолатида олиб келинган 2 ёшли бола Умар Нуриллаевни қутқариб қолган. Шундан сўнг бемор 3-сон болалар клиник шифохонасига тез ёрдам машинасида, шифокор кўриги остида юборилган. Ушбу шифохонада барча даволаш муолажалари амалга оширилган.

«Фарзандимни қутқариб қолган шифокордан жудаям миннатдорман. Ота сифатида шифокорнинг бу фидойилигини ҳеч нарсага қиёслай олмайман. Бу ҳолат мен учун ҳақиқий қаҳрамонлик», — дейди 2 ёшли Умар Нуриллаевнинг отаси Дилшод Раззоқов.