Ўзбекистонда 1 октябрдан транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш тўғрисидаги ишончнома бекор қилиниши мумкин. Бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони лойиҳасида кўзда тутилган.

Шу билан бирга, 2020 йил 1 январдан юридик шахсларнинг, хусусан банк ва бошқа кредит ташкилотларининг корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, янги кўчмас мулк ва транспорт воситалари бўйича лизинг, гаров (ипотека) шартномалари бекор қилиниши мумкин. Бунда, гаров (ипотека) шартномаларини расмийлаштирган банк ва бошқа кредит ташкилотлари мол-мулкка тақиқ қўйиш ва ечишни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил амалга оширади.

Ўзбекистон Марказий банкига Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда банк ва бошқа кредит ташкилотларига мазкур бандда назарда тутилган гаров (ипотека) шартномалари доирасида тақиқ қўйиш ва ечиш имкониятларини яратиш бўйича чоралар кўриш топширилган.