Президент Шавкат Мирзиёев 18 июль куни «Туризм тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририни имзолади. Ҳужжат 16 апрель куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 21 июнда Сенат томонидан маъқулланган эди. Қонуннинг аввалги таҳрири 1999 йилда қабул қилинган бўлиб, 22 моддадан иборат эди. Янги таҳрирда эса моддалар сони 45 тага етказилган.

Қонунга «йўриқчи-йўл бошловчи», «мустақил туризм» сингари янги тушунчалар киритилган, туризмнинг шакл ва кўринишлари келтириб ўтилган.

Ҳужжат асосида ташкил этилиши кўзда тутилган Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш туризмни барқарор ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, туризм соҳаси субъектларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида тузилади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркибига ваколатли давлат органи, манфаатдор давлат органларининг, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари киради.

Қонунга мувофиқ, туроператорлар ва турагентлар туристик фаолиятни ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширади.

Туроператорлар ва турагентларга туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади. Бунда экскурсия хизматлари кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлган жисмоний шахсларга туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия олиш талаб қилинмайди.

Гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар ваколатли давлат органи томонидан бериладиган тегишли сертификат олинганидан кейин юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар сифатида ёхуд юридик шахслар билан тузиладиган меҳнат шартномалари асосида мустақил равишда хизматлар кўрсатиши мумкин.

Ҳужжат эълон қилинган кундан уч ойлик муддат ўтиши билан кучга киради.