Ҳаво ҳароратининг кескин исиб кетиши автомобиль йўлларида ҳам эҳтиёткорликни талаб қилмоқда. Шу боис, Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари йўлларда турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича керакли чора-тадбирларни кўрмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент вилоятини водий вилоятлари билан боғловчи «Қамчиқ» довонида жойлашган «Чинор», Бекобод йўналишида жойлашган «Ойбек» мунтазам ЙПХ масканлари, Олмалиқ — Оҳангарон чорраҳаси ҳамда М39 халқаро автомобиль йўлининг Янгийўл тумани ҳудудида барча зарур дори-дармон ва керакли жиҳозлар билан таъминланган шифокорлар тез ёрдам машинаси билан навбатчилик қилмоқда. Табиийки, уларга ЙПХ ходимлари доимий кўмак бериб турибди.

ЙПХ ходимлари ҳайдовчилар билан суҳбат жараёнида йўлда ҳаракатланишда об-ҳаво шароитини инобатга олиш, зарурат бўлмаганда, куннинг иссиқ вақтида транспорт бошқаришдан тийилиш каби тавсиялар бериб, агар фуқаролар ўзларини ёмон ҳис қилса шифокорлар кўригидан ўтиши мумкинлигини тушунтирмоқда.