Самара вилоятида жойлашган «Кошелевский посад» корхонасида ишлайдиган 68 нафар Ўзбекистон фуқароси «номаълум моддадан заҳарланиш» ташхиси билан касалхонага ётқизилган, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига таяниб.

Корхона раҳбарияти берган маълумотга кўра, уларнинг барчаси қонуний равишда ишлайди ва меҳнат шартномасига эга. Иш берувчи Бош консулхонага Ўзбекистон фуқароларини даволаш билан боғлиқ барча молиявий харажатлар корхона ҳисобидан қопланишини маълум қилди.

Мазкур корхона ва ўзбекистонликлар даволанаётган тиббиёт муассасалари раҳбарияти билан алоқа ўрнатилган ҳамда вазият назоратга олинган, дейилади хабарда.

Россиянинг Волга бўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда мамлакатнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7−967−772−66−00.