Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари Абдулла Арипов ҳамда Аскар Мамин халқаро аҳамиятга молик «Бейнеу — Акжигит — Ўзбекистон чегараси» автомагистралини очиб берди. Қозоғистон ҳукумати раҳбарининг Instagram`даги саҳифасида маросимдан видеолавҳа эълон қилинди.

«Йўл ўзбек товарларининг Қозоғистон денгиз портлари ва автомобиль йўллари орқали Россия ҳамда Кавказ давлатлари бозорларига янада қисқа йўл билан чиқишини таъминлайди», — деди Қозоғистон ҳукумати раҳбари.

ЎзА хабарига кўра, «Бейнеу — Акжигит — Ўзбекистон чегараси» халқаро автомагистралини қайта таъмирлаш масаласи икки давлат раҳбарлари томонидан 2017 йил 23 март куни Нур-Султон шаҳрида имзоланган Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларациядан ўрин олган эди.

Автомобиль йўлининг узунлиги 84 километрни ташкил этади. Мазкур йўлни реконструкция қилиш ва уни Қорақалпоғистон Республикасининг Устюрт платоси орқали ўтувчи халқаро автомобиль йўл билан туташтириш учун 108 миллион АҚШ долларилик маблағ йўналтирилди.

«Бейнеу — Акжигит — Ўзбекистон чегараси» автомагистрали мамлакатларимизнинг иқтисодиёти юксалиши ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ортишига хизмат қилади. Ўзбекистоннинг Қозоғистон орқали Шимолий ва шимоли-ғарбий йўналишлар — Болтиқбўйи ва Европа мамлакатларига чиқишида, шунингдек, денгиз бўйи мамлакатлари билан боғланишида муҳим аҳамият касб этади.