Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 16 июлдаги қарори билан респубилкада ишлаб чиқариладиган реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 1 октябргача бўлган муддатда импорт қилинган гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ҳамда уларнинг сўйиш маҳсулотлари ҳам қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди.

Norma.uz`нинг қайд этишича, мазкур ҳолатда импортнинг ўзи эмас, балки импорт маҳсулотини реализация қилиш обороти ҚҚСдан озод қилинади. Импорт қилувчи мамлакат божхона ҳудудига гўшт ва тирик ҳайвонларни олиб киришда божхона тўловлари таркибида ҚҚСни тўлайди.

«Расмий-юридик нуқтаи назаридан гап Солиқ кодексининг 208-моддасида (солиқдан озод этиладиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти) кўзда тутилмаган ҚҚС бўйича алоҳида имтиёзларни жорий этиш ҳақида кетмоқда. Шундай қилиб, ҳукумат солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар тақдим этиш ҳуқуқидан фойдаланди», — дейилади хабарда.

Бунда гўшт маҳсулотлари ва ҳайвонларнинг алоҳида позициялари (кодлари ТН ВЭД 0102, 0104, 0201, 0204) ҳам божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун тўловлардан ташқари) 2020 йил 1 январга қадар импорт вақтидаги ҚҚСдан озод қилинди.