Халқ таълими вазирлиги Наманган вилояти Чуст шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиларининг мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақидаги хабарларни ўрганмоқда, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Аввалроқ Kun.uz интернет нашрида «Чустдаги мактаб муаллималари қурилиш ишларида жавлон уришмоқда. „Ўз хоҳиши“ билан…» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди. Унда Чуст шаҳридаги 9-мактаб ўқитувчилари меҳнат таътили даврида мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани, ўқитувчилар директорнинг «Келмасангиз дарс соати берилмайди», деган дағдағасидан қўрқиб ишга чиқаётгани келтириб ўтилган эди.

ХТВ хабарида вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати ходимлари мазкур хабарларда келтириб ўтилган ҳолатларни ўрганиб чиқиб, қонунчилик доирасида ушбу ҳолатга йўл қўйганларга чора кўриши маълум қилинди.

Қайд этиш жоизки, бундан аввалроқ ҳам Наманган вилоятида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати аниқланган. Косонсой туман марказида ташкил этилаётган «Яшил хиёбон» ҳудудида 29 июнь куни туман халқ таълими тизимининг 80 нафар техник ишчи ходими «шанбалик» ниқоби остида эни 1,5−2 метр, узунлиги 410 метр жойга бетон қуйиш ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаси бўйича Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчи Ф.Н. вазифасидан озод этилди.